Янгиликлар
ФАРҒОНАДА ЭКСТЕРНАТ ТАРТИБИДАГИ ЯКУНИЙ ДАВЛАТ ИМТИҲОНЛАР ЖАРАЁНЛАРИ ЯКУНЛАНДИ
8 июнь 2026 йил
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 1-июндаги 295-сон қарорига мувофиқ, турли сабабларга кўра умумий ўрта таълим муассасаларининг 9 ёки 11-синфини тамомлаганлиги тўғрисидаги ҳужжатни ололмаган фуқаролар учун экстернат тартибида якуний давлат имтиҳонларини топшириш имконияти яратилган.
Мазкур жараённи самарали ташкил этиш мақсадида Фарғона шаҳридаги 9-сон умумий ўрта таълим мактаби вилоят бўйича базавий таълим муассасаси этиб белгиланган.
Ушбу таълим муассасасида экстернат тартибидаги якуний давлат имтиҳонлари белгиланган жадвал асосида ташкил этилиб, амалдаги тартиб ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида ўтказилмоқда.
Жорий йилда экстернат тартибида якуний давлат имтиҳонларида иштирок этиш учун 11-синф бўйича 330 нафар, 9-синф бўйича эса 89 нафар фуқародан аризалар қабул қилинди.
Белгиланган тартибда барча имтиҳонлар оʻтказилиши таʼминланди.
Бугун жараёнларни охирги кунида номзодлар тарих фанидан якуний давлат имтиҳонларини топширдилар. Имтиҳон жараёнлари очиқлик, шаффофлик ва холислик тамойиллари асосида ташкил этилиб, барча иштирокчилар учун тенг ва адолатли шароитлар яратилди.
Шунингдек, имтиҳонларнинг белгиланган талаблар асосида ўтишини таъминлаш мақсадида масъул мутахассислар томонидан доимий назорат олиб борилмоқда.
Екстернат таълим шакли фуқароларга ўз вақтида олинмаган таълим ҳужжатларини қўлга киритиш, таълимнинг кейинги босқичларида ўқишни давом эттириш ҳамда меҳнат фаолиятида зарур бўлган ҳужжатларга эга бўлиш имкониятини яратади.
Шу боис ушбу тизим фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати.