Янгиликлар
Бошқарма бошлиғи ўқувчилар билан очиқ ва самимий мулоқот қилди
12 март 2026 йил
Бугун вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов Фарғона шаҳридаги 38-мактаб ўқувчилари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашув доирасида у ёшларнинг таълимга бўлган қизиқиши, касб танлаш, тилларни ўрганиш, келгусидаги режа ва мақсадлари ҳақида самимий суҳбатлашди. Битирувчиларнинг олий таълимга тайёргарлиги, орзу ва интилишлари ҳақида ҳам фикр алмашилиб, уларга келажакда тўғри касб танлаш ва мақсад сари қатъият билан интилиш бўйича муҳим тавсиялар берилди.
Ўқувчилар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилиб, уларнинг билдирилган фикр ва мулоҳазалари қўллаб-қувватланиши таъкидланди.
Шунингдек, мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга сифатли таълим бериш ҳамда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Учрашув сўнгида бошқарма бошлиғи мактабда ташкил этилган олимпиада ғолибларига диплом ва эсдалик совғаларини топширди.
Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати.