Янгиликлар
“Реггио Эмилиа ёндашуви — ўйинга асосланган таълим методикаси асосида таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш” мавзусида вилоят семинар-тренинг
22 декабрь 2025 йил
Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг жорий йил 17-декабрдаги 463-сон буйруғига мувофиқ, 2025–2026-ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳридаги жами 1 865 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида тажриба-синов тариқасида ўйинга асосланган таълим методикаси асосида таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш белгиланган.
Мазкур ўйинга асосланган таълим методикасини жорий этиш ҳамда ушбу методика бўйича педагогларга узлуксиз методик хизмат кўрсатиш мақсадида 3 та таянч мактабгача таълим ташкилоти белгиланди. Шунга мувофиқ, бугун Қувасой шаҳридаги таянч 28-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида “Реггио Эмилиа ёндашуви — ўйинга асосланган таълим методикаси асосида таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш” мавзусида вилоят семинар-тренинги ташкил этилди.
Тадбир аввалида сўзга чиққан вазирлик вакили — Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш департаменти бош мутахассиси Азаматжон Абдураҳимов, шунингдек, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Воҳиджон Мамажонов мазкур семинар-тренингнинг долзарблиги, мавзунинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тушунчалар беришди.
Вилоятимизнинг шаҳар ва туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида фаолият олиб бораётган ментор-ўқитувчилар, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Қувасой шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими соҳа масъуллари иштирок этган тадбир давомида менторлар таълим ташкилотларидаги машғулотларда болалар ривожини ўйин орқали қўллаб-қувватлаш, ўйин турлари ҳамда ўйинга йўналтирилган таълимнинг афзалликлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтишди.
Шунингдек, тренинг давомида ушбу ўйинга асосланган таълим методикаси доирасида болалар: ўйин орқали ўрганиши; ўйин жараёнида муаммоларни ҳал қилиш, мулоқот қилиш ва ижтимоий кўникмаларни эгаллаши; ўйин боланинг ёшига мос ва унинг қизиқишларига асосланган бўлиши; назарий билимларнинг амалий тажриба билан уйғунлашиши; Реггио Эмилиа ёндашуви — боланинг шахсини таълим жараёнининг марказига қўйиши, ўйинга асосланган таълим эса ўйинни ўрганишнинг асосий воситаси сифатида қўллаши, ҳар иккала ёндашув ҳам болада мустақиллик, ижодкорлик ва танқидий фикрлашни ривожлантиришдаги муҳим ўрни ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати.