Янгиликлар
"Президент арчаси" болажонларга унутилмас қувонч улашди
25 декабрь 2025 йил
Бугун Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги Театр–концерт саройида анъанавий “Президент арчаси” байрам тантанаси кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Янги йил арафасида ташкил этилган мазкур тадбир болажонлар учун чинакам байрамона кайфият ва унутилмас лаҳзаларни туҳфа этди. Байрам тадбирида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, болажонларни кириб келаётган Янги йил билан самимий табриклади, уларга соғлик, бахтиёрлик ва ўқишларида муваффақиятлар тилади.
Тадбир давомида Президентимиз номидан тайёрланган махсус Янги йил совғалари болаларга тантанали тарзда топширилди.
Байрам дастури доирасида қизиқарли саҳна кўринишлари, куй-қўшиқлар, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги томошалар намойиш этилиб, болажонларга қувонч ва шодлик улашди. Ушбу тадбир келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати.