Сайт тест режимида ишламоқда

Янгиликлар

.

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

9 октябрь 2025 йил
image

         Ижтимоий тармоқларда “Гигейна воситалари ота-она зиммасига юкланябдими?” мазмунидаги хабар тарқатилди. 

Унда Бешариқ туманидаги 51-Давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси томонидан ота-оналардан суюқ совун, хўжалик қоғози ва шунга ўхшаш гигийена воситаларини олиб келиш сўралгани, бунинг натижасида ота-оналар норозилик билдиргани танқид остига олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш жараёнида ташкилот раҳбарияти, ходимлари ҳамда бир қатор тарбияланувчилар ота-оналари билан суҳбат ўтказилди.

Аниқланишича, ташкилотнинг катта гуруҳ тарбиячиси О.Х. ота-оналар билан келишган ҳолда болаларнинг интеллектуал ривожланишига хизмат қилувчи айрим қўшимча ўқув қуролларини олиб беришни сўраган.

Суҳбат чоғида ота-оналарнинг аксарияти бу масала ихтиёрий асосда ва ўзаро келишув билан амалга оширилганини маълум қилганлар. Фақатгина бир нафар фуқаро бу харажатлар ҳам ташкилот зиммасида бўлиши кераклигини билдирган ва ўз норозилигини ижтимоий тармоқлар орқали ифода этган.

Маʼлумот учун: муассасада тарбияланувчилар томонидан фойдаланиладиган ўқув қуроллари йил давомида шахсий портфолиосида сақланиб, бола мактабга чиқиш даврида ота-онасига топширилади. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 6-майдаги 297-сон қарори асосида “Тоза қўллар” дастури доирасида барча таълим муассасаларига суюқланган совун ва хўжалик қоғози давлат бюджети ҳисобидан бепул етказиб берилади.

Ўрганиш якунларига кўра, 51-сонли МТТ тарбиячиси О.Х. ота-оналарнинг телеграм гуруҳида вазиятга нотўғри ёндашув асосида топшириқ бергани учун огоҳлантирилди.

Шунингдек, муассаса раҳбари ва масъул ходимларга фуқаролар билан мулоқотда маданиятли, сабрли ва холис бўлиш, ҳис-ҳаяжонга берилмаслик лозимлиги яна бир бор эслатиб ўтилди.

Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати.

fargonammtb@gmail.com
@FVMMTB
@FarVMMTB
/fmmtb