Янгиликлар
Коррупсияга қаршимиз
31 май 2025 йил
Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Долимов Шерзод Абдумуталовичнинг коррупсияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича тизим ходимлари ва кенг жамоатчиликка
МУРОЖААТИ
Ассалому алайкум, ҳурматли ҳамкасблар, тизим ходимлари!
Барчамизга маълумки, коррупсия дунё миқёсидаги глобал муаммо ҳисобланади.
Коррупсия иқтисодий тараққиётга зарба берадиган, Қонун устуворлигини бузадиган ва халқнинг давлат сиёсатига ишончини кескин сусайтирадиган хатарли таҳдиддир. Бу борада муҳтарам Президентимиз томонидан 2025 йил 5 март куни Коррупсияга қарши курашиш Миллий кенгашида барча соҳалар каби таълим йўналиши бўйича ҳам алоҳида вазифалар белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ўзбекистон Республикаси Коррупсияга қарши курашиш агентлиги директори томонидан Фарғона вилоятида коррупсиянинг олдини олиш, унга қарши курашиш, шу жумладан, маиший коррупсияга барҳам бериш, коррупсияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш бўйича ЙЎЛ ХАРИТАСИ тасдиқланди. Мазкур дастурда мактабгача ва мактаб таълими тизими бўйича ҳам алоҳида бандлар ижро учун киритилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 30 апрелдаги 143-сонли буйруғи асосида 2025 йил 1 майдан – 1 июнга қадар тизимда “Коррупсияга қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилинганлиги муносабати билан барча таълим муассасаларида буйруқда белгиланган вазифалар ижроси таъминланмоқда. Жумладан, вилоятдаги барча таълим муассасаларида Коррупсияга дуч келган ҳолатларда мурожаат қилиш мумкин бўлган алоқа каналлари рўйхати шакллантирилиб, муассасаларнинг кириш қисмларига жойлаштирилган. Бундан ташқари, “Коррупсияга қарши курашиш ойлиги” доирасида барча умумий ўрта таълим мактабларида “Ўқувчи ёшлар ҳалоллик тарафдори”, “Синф соат”лари доирасида “Ҳалоллик қадриятлари”, “Тўғрилик, меҳнатсеварлик хотиржам ҳаёт асоси”, “Коррупсия–давлатни емирувчи, инсонни тубанлаштирувчи иллат” мавзуларида тарғибот тадбирлари, тизимдаги мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ҳамда ташкилотларида “Ёшлар коррупсияга йўқ дейди” мавзусида энг яхши расмлар танлови ташкил этилди.
Вилоятда мактабгача ва мактаб таълими тизимида коррупсияни олдини олиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Коррупсияга қарши курашиш ва коррупсиявий ҳолатларнинг олдини олиш, коррупсияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш - бугунги куннинг муҳим вазифаларидан. Бу жараёнда ҳар биримиз фаол иштирок этмоғимиз, қайердадир тамагирлик, порахўрлик ҳолатига дуч келсак, бефарқ бўлмаслигимиз, аксинча, коррупсия иллатини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатларни виждонан бажаришга киришмоғимиз ва зиммамиздаги масъулиятни виждонан, ҳалол бажармоғимиз даркор.
Ишонаманки, бошқарма жамоаси, барча ишчи ва раҳбар ходимлари коррупсияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган амалдаги қонунчилик ҳамда касбий одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва бошқарманинг коррупсияга қарши курашишга оид чора-тадбирлар мажмуи ҳамда ҳужжатлари ижросини сўзсиз таъминлаш чораларини кўриш бўйича шахсан намуна бўлишади. https://t.me/FarVMMTB/23440