Yangiliklar
Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқийев иштирок этди
3-mart 2026-yil
Фарғонада “Турон” мактаб театри танловининг Фарғона шаҳар ҳудудий босқичида вазир ўринбосари қатнашди
Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика “Келажак” маркази томонидан ташкил этилаётган “Турон” мактаб театри республика танловининг янги мавсумига старт берилди.
Танловнинг Фарғона шаҳар ҳудудий босқичи шаҳардаги тўртта таълим муассасасида юқори савияда ташкил этилди.
Жумладан, 25-умумий ўрта таълим мактабида ўнта мактаб жамоаси ўзаро беллашмоқда.
Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқийев иштирок этди. У ўз сўзида мазкур танловнинг ёшлар маънавий камолотидаги ўрни, театр санъатининг тарбиявий аҳамияти ҳамда ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришдаги муҳим жиҳатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, барча иштирокчиларга ижодий кайфият ва муваффақият тилади.
Мазкур танлов умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида театр санъатига қизиқишни янада ошириш, уларнинг истеъдоди ва саҳнавий маҳоратини намоён этиш, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларни кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Танлов доирасида мактаб жамоалари томонидан тарихий, бадиий ва замонавий мавзуларда саҳна кўринишлари намойиш этилмоқда. Иштирокчилар ижро маҳорати, саҳна маданияти, образ яратиш қобилияти ҳамда ғоявий-бадиий яхлитлик мезонлари асосида нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатли баҳоланмоқда.
Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати.